Устозни эслаб

Шу йилнинг 10 майида таниқли ўзбек математиги, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика соҳасидаги таниқли олим, меҳрибон ва жонкуяр устоз, Ўзбекистонда математика фани ривожига улкан ҳисса қўшган академик Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг таваллудига 100 йил тўлди

Саъди Ҳасанович Сирожиддинов 1920 йилнинг 10 майида Қўқон шаҳрида туғилган. 1942 йилда Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) имтиёзли диплом билан тугатган. Ўша йили у ҳарбий хизматга чақирилган. 1944 йилда Саъди Ҳасанович аспирантурага ўқишга кирди ва 1947 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди (унинг илмий раҳбари академик В.И. Романовский бўлиб, Саъди Ҳасановичнинг олим ва шахс сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшган). 1949-1952 йилларда Саъди Ҳасанович Москвадаги В.A.Стеклов номидаги Математика институтида ХХ асрнинг таниқли математиги, академик Aндрей Николаевич Колмогоров раҳбарлигида докторантурани ўқиб тугатди ва 1953 йили ўша институтда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.  Ҳимоядан сўнг, устози A.Н Колмогоров тавсиясига биноан 1953-1956 йилларда Москва давлат университетида профессор бўлиб ишлаган. 1957 йили Саъди Хасанович Тошкентга қайтиб келгач, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институтининг директори (1957-1966) этиб тайинланди. У 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1966 йилда эса академиги этиб сайланди. Aкадемик С.Х. Сирожиддинов 1958-1988 йилларда Тошкент давлат университетининг "Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика" кафедрасини бошқарган, 1966-1971 ва 1983-1987 йилларда Тошкент давлат университети ректори лавозимида ишлаган. 1971-1983 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимида ишлаган.


Москвадан қайтган йиллардан бошлаб С.Х. Сирожиддинов ўзининг катта режаларини амалга оширишга киришди. У Ўзбекистонда математикларнинг илмий фаолиятини жонлантириш, тадқиқот мавзуларининг долзарблиги ва олинган натижаларнинг аҳамияти нуқтаи назаридан илм-фаннинг олдинги қаторига чиқишига эришиш, юқори малакали кадрлар (фан докторлари ва фан номзодлари) тайёрлаш,  ўзининг асосий вазифаси деб билди.

Саъди Ҳасанович Сирожиддинов республикада ёшларнинг математик билим даражасини барча мактаб ва олий таълим муассасаларида ривожлантиришнинг жонкуяри эди. С.Ҳ. Сирожиддинов Ўрта Осиёдаги математика тарихи, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, математик таҳлил каби Ўзбекистонда математика фанининг деярли барча соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.


С.Ҳ .Сирожиддиновнинг ташаббуси ва ёрдами билан кўплаб ёш олимлар Москва, Ленинград (ҳозирги С. Петербург), Новосибирск, Киевдаги илмий институтлар ва олий ўқув юртларига амалиёт ўташ ёки аспирантурада ўқиш учун юборилган, бу эса илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга ва янги илмий йўналишларга чиқишга имкон берди. Бу ишнинг амалга оширилишида унинг юқори илмий обрўси, шахсий алоқалари, илмий тадқиқот марказлари ва университетларнинг етакчи математиклари билан яқиндан ҳамкорлиги  катта роль ўйнади.

Шунингдек, халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистонда математик тадқиқотлар натижаларини тарғиб қилиш, уларни нуфузли нашрларда нашр этиш ўтган асрнинг 60-90 йилларига келиб ўзининг ижобий натижаларини берди. Бу давр С.Х. Сирожиддинов математик ижодининг юксалиши, илмий коллективизм руҳининг пайдо бўлиши, тадқиқотларнинг янги йўналишларининг пайдо бўлиши билан ажралиб туради.


С.Х. Сирожиддинов раҳбарлигида ва фаол иштирокида асос солинган (мутахассислар томонидан кенг эътироф этилган) Ўрта Осиёдаги математика тарихи бўйича кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилди. Шу туфайли Тошкент тарихий-математик тадқиқотларнинг етакчи марказларидан бирига айланди.

С.Х.Сирожиддинов ҳақида гапирганда, унинг Ўзбекистонда математика фанини ривожлантиришда мактаб математикасига бўлган ғамхўрлигини эсга олмасдан бўлмайди. У математик фанлар биносининг пойдевори мактаб математикасида ётганлигини чуқур англади. 1962 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ўтказиладиган Республика математика олимпиадасини ўтказилишига асос солди.


С.Х. Сирожиддинов Ўрта Осиё республикаларидаги кўплаб математикларнинг илмий фаолияти шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди. Унинг таъсири остида ўсган олимлар доираси жуда кенг бўлиб, унинг бевосита раҳбарлиги остида 10 дан ортиқ фан доктори ва 40дан ортиқ фан номзодлари тайёрланди.

математикларнинг эришган ютуқлари дунё олимлари томонидан эътироф этилиши С.Х.Сирожиддинов бошчилигида ўтказилган Тошкентда ўтказилган эҳтимоллар назарияси бўйича IIIСовет-Япония симпозиуми (1975) ва Бернулли математик статистика ва эҳтимоллар назарияси жамиятининг биринчи Жаҳон конгресси (1986) бўлди. Бундай катта конгрессни муваффақиятли ўтказиш учун С.Х. Сирожиддинов умрининг сўнгги йилларини бағишлади. Унинг илмий ва ташкилий фаолиятида анъанавий "Фарғона Коллоквиуми" деб номланган - эҳтимоллар назариясининг лимит теоремалари ва уларнинг татбиқлари бўйича конференциялар алоҳида ўрин эгаллайди. Фарғона коллоквиуми 1962, 1972 ва 1983 йилларда Саъди Ҳасановичнинг ҳаётликларида ўтказилган ва улар эҳтимоллар назарияси ва математик статистика соҳасидаги мутахассислар орасида муҳим воқеаларга айланган. 1995, 2005, 2011 ва 2015 йилларда бўлиб ўтган навбатдаги тўртта коллоквиум С.Х.Сирожиддиновнинг хотирасига бағишланди. У ўнлаб халқаро илмий конференциялар ва энг юқори даражадаги симпозиумларнинг ташкилий қўмитаси аъзоси бўлган ва маърузалар билан қатнашган. Улар орасида: Халқаро статистика институтининг йиғилиши (1957, Гаага, Голландия), Халқаро математиклар конгресси (1958, Эдинбург, Шотландия), вақт қаторларини ўрганиш бўйича симпозиум (1962, Прованс, AҚШ), Халқаро статистика институти (1966, Гаага, Голландия), Математикларнинг Халқаро Конгресси (1966, Москва), Халқаро университетлар Aссоциациясининг симпозиуми (1970, Канада; 1975, Канада; 1985, AҚШ), Эҳтимоллар назарияси бўйича II Япония-Совет симпозиуми (1972, Киото, Япония), I, II, III, IV эҳтимоллар назарияси ва математик статистикага оид Халқаро конференциялар (1973, 1977, 1981, 1981, Вильнюс, Литва), Европа статистикларининг учрашуви (1981, Варшава, Польша), эҳтимоллар назарияси бўйича V Япония-Совет симпозиуми (1986, Токио, Япония) ва бошқалар. Уни кўплаб хорижий университетларда (Ҳиндистон, Чехословакия, Швеция, Германия ва бошқалар) маърузалар қилиш учун ҳам таклиф қилишган.


С.Х. Сирожиддинов илмий ютуқларини эътироф этилишининг исботи сифатида халқаро статистика институти (Гаага, 1966) ва Москва математиклар жамиятига (1956) аъзо етиб сайланиши, унга A.Р. Беруний (1973) номидаги давлат мукофотининг берилиши ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби" фахрий унвонининг берилиши (1970), шунингдек бир қатор хорижий университетларнинг фахрий доктори этиб сайланиши бўлди.

Математика фанини ривожлантириш ва илмий кадрлар тайёрлашдаги улкан ютуқлари, шунингдек самарали ижтимоий фаолияти учун ҳаётлик давомида С.Х.Сирожиддинов энг юқори давлат мукофотлари - кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланган. 2002 йилда (вафотидан сўнг) "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган.

Ўзбекистон математиклари устозимиз С.Х.Сирожиддиновни чуқур миннатдорлик ва фахр билан эслашади. Ўзбекистонда математика фанининг ривожланишида унинг ҳаёти ва фаолияти келажакдаги ёш математиклар учун намуна бўлиб хизмат қилади, деб ишонамиз.

 

 Aкадемик Ш.Қ.Фармонов,

Ўзбекистон Миллий университети “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика”   кафедраси мудири ф.-м.ф.д. О.Ш.Шарипов,

 Ўзбекистон ФA В.И.Романовский номидаги Математика институти

 “Статистик анализ” лабораториясининг мудири ф.-м.ф.д. Я.М.Хусанбоев.


Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura