Анатолий Сагдуллаевични таваллуд куни


Академик Сагдуллаев Анатолий 1951 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 1973 йилда Тошкент Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий университети Археология кафедрасининг профессори.

Ўрта Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи бўйича йирик мутахассис. “Ўрта Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи” илмий мактабини яратган олим. А.С.Сагдуллаев 3 нафар докторлик диссертацияси, 18 нафар номзодлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилган.Ўрта Осиё археологияси фанига номаълум бўлган милоддан аввалги X-VIII ва VII-IV асрларга оид ёдгорликларни кашф этган ва кўп йиллик дала археологик тадқиқотлари натижасида топган муҳим илмий материалларни илк бор тарих фанига киритган, уларнинг аксарияти хорижда тан олинган.

Тадқиқотлар натижалари ва янги илмий маълумотлар илмий ишларида, ўқув қўлланмалар ва дарсликларида ҳамда илмий-оммабоп рисолалар ва илмий-бадиий жанрда ёзилган китобида (“Поход Александра Македонского в Согдиану”. 2007, 2009 й.) ўз аксини топган. Бундай ёндашув инновация хусусиятига эга.

Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигини асослаб бериш мақсадида Кеш-Шаҳрисабз воҳасида кенг кўламдаги археологик илмий-тадқиқот ишларининг ташкилотчиси ва илмий раҳбари. Тадқиқотлар натижалари “Қадимги Кеш-Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар” (1998), “Шаҳрисабз. Минг йилликлар мероси” (2002) ҳаммуаллифликда ёзилган монографияларда ва Шаҳрисабз ўлкашунослик музейи экспозицияларида ўз аксини топган ҳамда ЮНЕСКО ва жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган.

1998-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази директори лавозимида фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистоннинг янги тарихини тайёрлаш ва нашр этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ нашр ишларини амалга ошириш жараёнини бошқарган, натижада 3 жилддан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи” китоби 2000 йилда чоп этилди, шунингдек, Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янги экспозицияларини шакллантиришда ҳамда тарих фанига оид янги авлод ўқув қўлланма ва дарсликларини (4 та ўрта мактаб ўқувчилари, 6 та олий таълим муассалари талабалари учун) тайёрлаш ва чоп этишда фаол иштирок этган. Ҳозирда бир нечта фундаментал грант лойиҳаси раҳбари ва иштирокчиси.

Европа комиссиясининг INTAS дастури доирасидаги PACT TIMOUR лойиҳаси бўйича Франция, Россия, Италия, Финляндия олимлари билан ҳамкорлигидаги илмий тадқиқотларда Ўзбекистон илмий гуруҳига раҳбарлик қилди (2002-2004 й.).

Россия Федерацияси Давлат архиви билан ҳамкорликда Россия архивларидаги Ўзбекистон тарихининг ХХ аср 20-80 йилларига доир ноёб материалларни ўрганиш ва нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ишларини ташкиллаштириб, раҳбарлик қилди (2000-2010 й.).

Сўнгги икки йилда А.Сагдуллаев илмий раҳбарлигида 2 та дарслик, 2 та монография, 1 та рисола, 1 та ўқув қўлланма, 6 та илмий мақола (жумладан 1 та Scopus халқаро базасида), 15 дан ортиқ мақола ва тезислар нашр этилди.

Академик А.Сагдуллаев ташкилотчилик қобилияти унинг ташаббуси билан Самарқанд Давлат университетида “Марказий Осиё тарихи ва археологияси муаммолари” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани (2018, март), Ўзбекистон Миллий университетида “Марказий Осиёда тарихий-маданий вилоятларнинг шаклланиши ва этник географияси муаммолари” мавзусида халқаро конференциялар (2018, сентябрь) ўтказилишида намоён бўлди.

Университет жамоаси Анатолий Сагдуллаевични таваллуд куни билан табриклайди. Устозга узоқ умр, илмий ва ижодий муваффақиятлар тилаб қолади!

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura