Шоирнинг БЕК боласи! Алвидо...

Таъзия

Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради.

Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, мамлакатимиз биофизика фанига асос солган олим,  ЎзР ФАнинг академиги, Беруний номидаги ЎзР Давлат мукофотининг совриндори, устоз, Ўзбекистон Миллий университети фахрий академиги Бекжон Ойбекович Тошмуҳамедов 85 ёшида оламдан ўтди.

Бекжон Ойбекович Тошмухамедов 1963 йилда  Ўзбекистон Миллий университети (ТошДУ) нинг биология факультети  Биокимё ва биофизика кафедрасида ўзининг илмий - педагогик фаолиятини бошлаган. Ўзбекистонда Биофизика мактабининг яратилиши унинг номи билан боғлиқ.

Олим умри давомида биофизика фанининг ривожланишига ҳамда юқори малакали мутахассислар етиштиришга салмоқли ҳисса қўшди.

Биофизика мактаби ташкил этилганидан бошлабоқ, у нафақат Ўзбекистон Миллий университетида, балки Ўзбекистон Фанлар Академиясида ҳам ниҳоятда кенг кўламда фундаментал тадқиқотлар олиб борилишига туртки бўлди.

 1965 йилда Бекжон Тошмухамедов Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтида биофизика лабораториясини ташкил этди ва уни 1965-1977 йиллар давомида бошқарди. 1977 йилда ушбу лаборатория базасида Биохимия институти қошида Биофизика бўлими ташкил этилиб, унга 1985 йилгача Бекжон Тошмухамедов раҳбарлик қилди. Ушбу бўлим таркибида ҳужайра биофизкаси, молекуляр биофизика ва мембраналар биофизикаси  лабораториялари бўлиб, уларда биологик физика, электрофизиология, молекуляр биофизика  ва  биокимёнинг  физиологик йўналишлари бўйича кенг кўламда тадқиқотлар олиб борилган. Кейинчалик ушбу лабораториялар ЎзФАнинг Физиология ва биофизика институти таркибига киритилиб, 1985-1992 йилларда унга ҳам олим Тошмуҳамедов бошчилик қилди.  Биофизика бўлими ҳамда Физиология ва биофизика институти юқори малакали мутахассислар - биофизика соҳасида фан номзодлари ва фан докторлари тайёрлашда ниҳоятда муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистон Миллий универститетнинг таянч илмий муассасалар билан алоқасини мустаҳкамлаш мақсадида 1988 йилда ЎзФАнинг Физиология ва биофизика институти қошида Биофизика каферасининг филиали ташкил этилди. Унда Университетимизнинг бакалаврлари, магистрлар ва аспирантлар замонавий биофизиканинг асосий методларини ўрганиб,  ўз илмий ишлари устида изланишлар олиб бормоқда. 

Университетда дунёга келган Биофизика мактаби фақатгина ЎзФАнинг физиология ва биофизика институтига эмас, балки бошқа илмий-тадқиқот институтларида ҳам фаолият олиб боради. Бекжон Тошмухамедов яратган Биофизика мактабининг дунё миқиёсидаги нуфузи  баланд. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Биофизика мактабининг вакиллари дунёдаги кўпгина кўзга кўринган илм марказларида фаол меҳнат қилмоқдалар..

Бекжон Ойбекович Тошмухамедов 1935 йил 27 январда Тошкентда машҳур ўзбек ёзувчиси Ойбек оиласида таваллуд топган. У 1958 йилда Москва Давлат Университетининг  биология факультетини  тугатган.

Олим қўзғалувчан мембраналарга доир кенг қамровли тадқиқотларини олиб борди.

 Бекжон Тошмухамедов мембраналар фаолиятининг физиологик бошқарилишини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотларга бошчилик қилади ва турли хил физиологик актив моддалар (гормонлар, юрак гликозидлари, зоо- ва фитотоксинлар, пестицидлар, ҳашоротлар феромонлари, мембрана актив  комплексонлар ва бошқалар)нинг мембраналарга ва махсус мембрана ҳосилаларига таъсир қилиш механизмини ўрганади. “Нерв импульси” ва “Ион канали” деб номланган  бутуниттифоқ программаларини бажариш жараёнида у ходимлари билан биргаликда  модификатор-токсинлар ва каналоформер-токсинларни классификациялади,  мембраналарнинг липид асосига таъсир этувчи, ҳамда қўзғалувчи мембраналарнинг натрий ва кальций каналларига таъсир қилувчи  бир қатор захарларни аниқлаган. Бекжон Тошмухамедов раҳбарлигида ўргимчак нейтротоксинларининг янги синфи кашф қилинди, ва улар умуртқалилар, қисқичбақасимонлар ва ҳашоратлардаги глутаматэргик синапсларининг  постсинаптик мембранасига специфик ва қайтмас тарзда таъсир этишини аниқлади. Ушбу заҳар (токсин)лар ёрдамида каламушлар мияси, қисқичбақа билан чигиртка нерв-мускул синапсларида мавжуд глутамат рецепторларини ажратиш ва реконструкция қилишга эришилди. Шунингдек, стафилококклар, вабо вибриони,  цереус бацилласи ва шулар каби юқори патоген бактериялар заҳари орасидан ҳам янги канал ҳосил қилувчи оқсиллар топилди.

Бекжон Тошмухамедов ва у яратган илмий мактаб томонидан олиб борилган тадқиқотлар фақат бизнинг мамлакатда эмас, балки дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилади. У турли халқаро конгресслар ва симпозиумларда маърузалари билан иштирок этган. ( Германия, Буюк Британия, АҚШ, Швеция, Франция, Швейцария, Перу, Дания, Сингапур) ва дунёдаги турли лабораторияларда (Берлиндаги Гумбольт Университетида, АҚШдаги Мерилеид университетида,  Перудаги Совет-Перу биология станциясида,  Буюк Британиядаги Кембриж университетида,  Япониядаги Оказаки Миллий физиология институтида) экспериментал физиология ва биофизика соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борган.

Бекжон Ойбекович Тошмухамедов  принципиал ва иқтидорли тадқиқотчи, билимдон ташкилотчи ва илмни оммалаштирувчи серҳаракат фан арбоби бўлиб, Ўзбекистоннинг биофизик ва физиолог соҳасидаги йирик олимларидан ҳисобланади. Унинг порлоқ хотираси илм  аҳли, ЎзМУ жамоаси,  ёшларимиз қалбида абадий сақланади. 

                                                     ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura