Муҳтарам ҳамкасблар, азиз ота-оналар, талабалар!


Бугун нафақат республикамизда , балки бутун дунёда вазият жуда қалтис ва жиддий бўлиб турибди.

Пандемия сабаб таълим тизимида кескин ўзгаришларни амалга оширдик. Ўқув жараёнлари масофавий тизимга ўтди. Қабул жараёнлари ҳам тўлиқ онлайн режимда амалга оширилмоқда. Республика ОТМлари, жумладан ЎзМУда ҳам call марказ тизимли равишда фаолиятини олиб бораяпти. Бу  аҳоли, сиз-ҳамкасблар, талабаларимиз ва абитуриентларимизни пандемия шароитида касалликдан ҳимоя қилиш ва уни олдини олишга қаратилган саъи-ҳаракатлардир.

Бугун республикамизда, хусусан Тошкент шаҳрида карантин ҳолатидаги ҳатти-харакатларимизнинг кўпи карантин ҳолатларига тўлиқ жавоб бермаслиги аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлигига жиддий хавф солади.

Биз бугун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат фаолиятимизни ташкил қилиш, ўз-ўзини яккалаш,карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишимиз билан бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак.

Кеча муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев пандемия билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўтказган видеоселектрда ҳам бу борада тўхталиб ўтди.

Пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини бутунлай ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

Биз ҳам аввало ўзимиз ва яқинларимиз ҳавфсизлиги учун карантин қоидаларига сўзсиз бўйинсинишимиз, ҳамкасбларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз керак. Атрофимиздагиларга, ҳамкасбларимиз ҳаёти ва соғлигига бефарқ бўлмаслигимиз, факультетларда ишни масофавий тарзда олиб боришимиз лозим.

ЎзМУга ташриф буюраётган фуқароларимизга ҳам махсус ҳимоя ниқоблари, зарарсизлантириш воситаларидан фойдаланган ҳолда мулоқот ташкил этишни кучайтиришимиз керак.

 Қолаверса, бугун биз халқимиз ўртасида ҳам руҳий кўмак, ҳам пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилиш борасида тушунтириш ишлари олиб боришда ташаббусни қўлга олсак мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бундай шароитда ҳеч ким ўзини ёлғиз ҳис этмаслиги, ўзини қизиқтирган маълумот ва руҳий мададни ҳис қилиши керак.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Сизни ҳар бирингиз биз учун қадрлисиз. Яқинларингиз, ўзингизни асранг. Атрофга бефарқ бўлманг! Касалликка қарши бирга курашамиз. Сиз ёлғиз эмассиз!  Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ўзбекистон Миллий университети ректори

профессор Авазжон Мараҳимов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura