ТАЪЗИЯ


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти ва жамоаси Биология факультети Тупроқшунослик кафедраси профессори Абдуллаев Саъдулла Абдуллаевичнинг вафот этганлиги муносабати билан чуқур таъзия билдириб, унинг оила аъзоларига, яқинларига, ҳамкасбларига ҳамдардлик билдиради.

С.Абдуллаевнинг ҳаёт фаолияти ЎзМУ билан чамбарчас боғлиқ эди. У 1971 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ни тупроқшунос-агрокимёгар мутахассислиги бўйича тугатгандан сўнг, илмий-педагогик фаолиятини Тупроқшунослик кафедрасида дастлаб ассистент (1975-1978 йй), кейин катта ўқитувчиликдан (1978-1980 йй) бошлаган. 1980-1993 йилларда Тупроқшунослик кафедраси доценти, 1993-1996 йилларда Тупроқ физикаси, мелиорацияси ва экологияси кафедрасининг доценти, 1996-2011 йилларда эса Агрокимё кафедраси мудири лавозимида фаолият юритган. Шунинг билан бирга С.Абдуллаев 1990-1996 йилларда Биология факультетининг кечки ва сиртқи бўлим ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари лавозимида, 2001-2006 йилларда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий текшириш Давлат институти директори лавозимида ишлаб, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига катта ҳисса қўшган. 2011 йилдан ҳозирги вақтгача Тупроқшунослик кафедраси профессори лавозимида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келган инсон эди.

С.Абдуллаев раҳбарлигида 1 нафар фан доктори, 6 нафар фан номзодлари тайёрланган. Шу кунгача унинг 250 дан ортиқ илмий мақолалари, 3 та дарслик, 5 та монография ва 4 та ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилган. Унинг раҳбарлигида соҳанинг устувор йўналишларига бағишлаган бир нечта амалий, фундаментал ва инновацион грантлар бажарилиб келинган.

С.Абдуллаев нафақат университет миқъёсидаги ўқув ва илмий жараёнларда, балки, жамоат ва ташкилий ишларда ҳам фаол иштирок этиб келган олим эди. Жумладан, кўп йиллардан бери факультет Кенгаши аъзоси, ЎзР ОАК эксперти аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аграр, сув хўжалиги масалалари қўмитасида эксперт сифатида фаолият кўрсатиб келган.

С.Абдуллаев мехнатсеварлиги, ҳар бир ишга маъсулият билан ёндашиши ва шу билан бирга оғир-босиқ феъл-атворлари билан жамоа олдида ҳурмат қозонган ҳамкасаба устоз эдилар.

С.Абдуллаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади. Охиратлари обод бўлсин! 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura