ЎзМУ таянчдокторанти Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Ёш олимларни ривожланган давлатларга қисқа муддатли стажировкага жўнатиш” бўйича йўлланмасини қўлга киритди.

Ҳусниддин Мусаев 1990 йил 19 майда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. 1997-2003 йилларда Муқимий номидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 2003-2008 йилларда Т.Саримсоқов номидаги 2-сонли лицей-интернатида кимё йўналишини аъло баҳолар билан тамомлаган. У ўрта-махсус таълимни тугатиб Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этишни мақсад қилди. Ҳарбий хизмат давомида ўзининг жисмонан ва руҳан кучли эканлиги, ижтимоий-сиёсий билимларни пухта ўзлаштирганлиги ҳамда жанговар топшириқларни аъло даражада бажарганлиги сабабли олий ўқув юртларига кириш учун имтиёзли тавсиянома билан тақдирланган.

2010-2014 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кимё факультетида таҳсил олди. Органик кимё кафедрасида “Антранил кислотасининг н-бутилхлорид ва антранил кислотасининг натрийли тузи билан реакцияси” мавзусидаги диплом ишини муваффаққиятли ҳимоя қилди. Бакалавр босқичини тугатиб, шу факультетнинг 5А401503 - “Нефт ва газ кимёси ва технологияси”мутахассислиги бўйича магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.


Ҳусниддин Мусаев Университетда илмий-педагогик салоҳиятини намойиш қилиб, бир қатор илмий лойиҳаларда фаол иштирок этди.  2016 йил “Нефт ва газни қайта ишлашда нанотузилишли фотокаталитик-адсорбентларнинг қўлланилиши” мавзусида магистрлик диссертациясини ҳам ҳимоя қилди. 2016-2017 йилларда Тошкент кимё-технология институтида ассистент ўқитувчи лавозимида меҳнат фаолиятини бошлади. Шу вақт давомида “Умидли кимёгарлар-2017” республика миқёсида ўтказилган илмий-амалий конференциясида “Энг яхши илмий маъруза” номинацияси ғолиби бўлди.

2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети Кимё факультети Умумий ва нефт-газ кимё кафедрасининг таянч докторанти сифатида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, МУ-ФЗ-20171025150 -“Нанотузилишли металл оксидларининг олиниши ва уларнинг органик синтез реакцияларида қўлланилиши” мавзусидаги ёш олимлар фундаментал лойиҳасига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ҳусниддин Мусаев бир қанча халқаро ҳамда республика доирасидаги илмий конференцияларда фаол иштирок этди. Жумладан, жорий йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “XX International Sol-Gel ” халқаро конференциясида ўз маърузаси билан қатнашди.

Унинг 30 дан ортиқ, жумладан, нуфузли хорижий нашрларда 2 та (Scopus маълумотларига киритилган), республика илмий журналларида 4 та, халқаро конференция материалларида 6 та ҳамда республикада ўтказилган конференция материалларида 18 та илмий мақола ва тезислари чоп этилган.


Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Ёш олимларни ривожланган давлатларга қисқа муддатли стажировкага жўнатиш” бўйича 2019 йил III чорак учун эълон қилинган танловида муваффаққиятли иштирок этиб, 2020 йил 1 февралидан 30 апрелигача Германиянинг Дармштадт техника университетида илмий стажировка ўтаб келиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Ҳозирги кунда у нанотузилишли бирикмаларнинг олиниш усуллари, уларнинг физикавий ка кимёвий хоссаларини ўрганиш, шунингдек, нефт ва газ маҳсулотлари билан ифлосланган саноат чиқинди сувларини тозалаш ҳамда органик синтез реакциялари бўйича илмий изланишлар қилмоқда. “Нанотузилишли металл оксидларининг олиниши ва экоқўлланилиши” мавзусидаги илмий ишини профессор Олим Рўзимурадов раҳбарлигида олиб бормоқда.


Бу умидли ёш олимнинг келажакда мамлакатимиз равнақи ва унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб шаклланишига, илмий изланишларини янада чуқур давом эттиришига тилакдошмиз.

Университет илмий-тадқиқот бўлими  медиа хизмати
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura