ТОҚҚА ЧИҚҚАН ЧЎҚҚИНИ КЎЗЛАР

Таълим тизими жамиятда амалга оширилаётган янгиланишлар, татбиқ этилаётган инновациялар билан ҳамоҳанг тарзда тараққий этади. Ўзбекистон Миллий университетининг География ва табиий ресурслар ҳамда Геология ва геоинформацион тизимлар факультетларида ҳам илм-фан, техника ва ахборот коммуникацион технологиялар, ишлаб чикариш соҳаларининг жадаллик билан ривожланиши ҳамда таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ва бунда инновацион технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ушбу факультетларда Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишлари бўйича фундаментал билимга эга бўлган, назарий ва амалий кўникмаси бор етук мутахассисларнинг етишиб чиқаётганлиги қувонарли, албатта. Қуйидаги ёш изланувчилар ҳам Университетимизнинг умидли кадрлари сифатида юксак марраларни кўзлашган. 

 

Анвар Шукуров, Геология ва геоинформацион тизимлар факультети, “Геокимё ва минералогия” кафедраси катта ўқитувчиси


 1986 йил Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Геология ва геоинформацион тизимлар факультетида таҳсил олиб,  бакалавр (2007 йил) ва магистратура (2009 йил) босқичларини муваффақиятли тамомлаган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон Давлат геология қўмитасига қарашли  “Уран ва камёб ер элементлари геологияси” Давлат корхонасида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2011-2016 йиллар Ўзбекистон Миллий университети Геология ва геоинформацион тизимлар факультети “Геокимё ва минералогия” кафедрасида ўқитувчи лавозимида ишлаган. 2016-2019 йиллар давомида эса шу кафедрада  таянч докторант (PhD) сифатида илмий тадқиқот ишларини олиб борган. 2019 йили  DSc.27.06.2017.GM.40.01рақамли илмий кенгашда “Қўйтош маъдан майдони дайкалари ва маъданлашуви (Ғарбий Ўзбекистон)” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилган. 2019 йил сентябрь ойидан ҳозирга қадар кафедрада катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келмоқда.

Анвар Шукуров ўзи таҳсил олган факультетнинг бакалавр ва магистрларига “Петрография” фанидан маъруза ва амалий машғулотлар олиб боради. Шу орқали ёш геологларнинг маълум минералогик уюшмага, кимёвий таркибига, структура ва текстурага эга бўлган геологик жисм – тоғ жинслари ва уларнинг геологик шароити ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини янада бойитиб келмоқда.


Унинг 20 дан ортиқ мақола  ва тезислари халқаро ва республика нашрларида чоп этилган ва ўқув жараёнида кўплаб фан ва ишчи дастурларни яратишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ҳозирда 2017-2020 йилга мўлжалланган ОТ-Ф8-02-сонли “Нурота тоғ маьдан ҳудудининг дайкали ҳосилаларининг ҳосил бўлиш қонуниятлари ва уларнинг маъдан ҳосил бўлишидаги роли” номли фундаментал грантда илмий ходим сифатида яхши лойиҳаларни амалга ошириш пайида. Шу билан биргаликда, ёш олим “Нурота тоғ маъдан ҳудудининг дайкали ҳосилаларининг ҳосил бўлиши, моддий таркиби ва маъдандорлиги”  мавзусида докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

 

Салауат Калабаев, География ва табиий ресурслар факультетининг “Гидрометеорология” мутахассислиги бўйича магистранти

 

2015-2019 йилларда Қорақалпоқ давлат университети География ва табиий ресурслар факультети “Гидрометеорология” йўналиши бўйича бакалавр босқичида ўқиган. 2019 йилдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва табиий ресурслар факультети “Гидрометеорология (фаолият турлари бўйича)” мутахассислиги бўйича магистратурада таҳсил олиб келмоқда.


Магистратурада ўқиш баробарида  “Қуруқлик гидрологияси” кафедрасининг “Гидравлика ва гидрометрия ўқув тадқиқот лабораторияси” да меҳнат фаолиятини бошлаган.

Салауат Калабаев талабалик даврида маънавий-маърифий, жамоат ишларидаги фаоллиги, турли танлов ва мусобақалардаги муваффақиятли иштироки билан алоҳида ажралиб турди. Унинг шу пайтгача 15 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва хориж нашрларида чоп этилган. Илм йўлидаги иштиёқи, тиришқоқлиги, изланувчанлиги ва натижали ҳаракатлари сабаб Бердақ номидаги стипендияси совриндори бўлган.

Ҳозирги кунда “Қўйи Амударё сув ҳавзаларининг гидрометеорологик режими” мавзуида магистрлик диссертацияси бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. Ушбу диссертацияда Қўйи Амударё сув ҳавзаларининг гидрометрологик режимини ўрганиш асосида Қўйи Амударёда жойлашган табиий кўллар, Амударё ва унинг тармоқлари, суъний сув ҳавзаларининг морфологик ва морфометрик кўрсаткичлари, гидрологик режимини ўрганиш, SAS планета ва бошқа космик маълумотлар ҳамда бевосита кузатиш маълумотлари негизида Қўйи Амударё ва Оролбўйида вужудга келган сув танқислиги муаммосини ўрганиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилган.

Салауат Калабаев хорижда ўтказилган бир қанча илмий конференцияларда ўз маърузалари билан фаол иштирок этиб, мақолалари мазкур конференциялар тўпламларида нашр этилган. Россиянинг “ХХI века” илмий журналида ҳам илмий мақоласи чоп этилган. 2019 йил сентябрь ойида Турин политехника университетида “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф муҳитнинг замонавий муаммолари” мавзусида ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этган.


Ёш изланувчи илмий тадқиқотида Қўйи Амударё сув ҳавзаларининг табиий-географик жойлашиш ўрни, метеорологик ва гидрологик ўрганилганлиги, гидрографик тавсифи (табиий ва суъний сув ҳавзалари) ва уларнинг гидрометеорологик режимига алоҳида тўхталиб ўтишга киришган.

 

Университет илмий-тадқиқот
бўлими медиа хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura