Номуносиб ўқитувчи унвонга тавсия этилмайди


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бу гал кескин, муросасиз руҳда ўтди. Танқидий-таҳлилий фикрлар очиқ-ошкора муҳокама этилди.

Анъанага кўра, Кенгаш аввалида бир гуруҳ педагог-ўқитувчиларга профессор ва доцент унвони дипломлари топширилди. ЎзМУ Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева берган маълумотга кўра, сўнгги ўқув йилида 40 дан ортиқ педагог-ўқитувчилар профессор ва доцент унвонларига, фан доктори ва фалсафа доктори илмий даражаларига эга бўлиб, университет илмий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилган.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майда Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи ҳамда “2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида” мавзуида сўз юритар экан, мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида бандма-банд танқидий-таҳлилий фикрларини баён этди.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодировнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5729-ПФ-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида”ги ахбороти тингланди.

Айтиш ўринлики, бу борада университетда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази” билан ҳамкорликда талабаларнинг Медиа марказида, Талабалар турар-жойларида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, улар ҳақида ОАВда ҳозиржавоблик билан ёритиб борилди.

Кенгашда ЎзМУ Биология факультети декани Тўхтасин Абдураҳмонов ташаббуси билан хориж университети билан ҳамкорикда очилган янги қўшма кафедра фаолияти ижобий баҳоланди.

Кенгаш кун тартибига биноан бир гуруҳ педагог-ўқитувчилар профессор ва доцент унвонларига тақдим этиладиган бўлди. Илмий котиб Ноибахон Мамадалиева улар ҳақида маълумот берди.

Муҳокамалар чоғида ЎзМУ Таълим сифатини назорат қилиш бўлимибошлиғи Ғолибжон Ботиров шундай эътироз билдирди:

– Тегишли Низомга биноан ҳайфсан жазосини олган ўқитувчининг номзодини профессор ёки доцент унвонларига тақдим этиш мумкин эмас...

Қизғин муҳокамалардан сўнг Таълим сифатини назорат қилиш бўлимибошлиғининг фикрни маъқулланиб, профессор ва доцент унвонларини олишга талабгорлардан уч нафари “Овоз бериш бюллетени”га киритилмади.

ЎзМУ Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Ғофир Эшонқулов ва Магистратура бўлими бошлиғи Нурали Мажидовнинг “Малакавий-битирув ишлари, магистрлик диссертацияларининг талаб даражасида бажарилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари ҳақида”ги ахборотларида бу борадаги камчиликлар, хусусан, хом-хатала “тадқиқот”лар, илмий раҳбарларининг бепарволиги, кафедра мудирининг лоқайдлиги борасида аниқланган камчиликлар рўйи-рост очиб ташланди.

ЎзМУ Ректори бу масалага ўз муносабатини билдирар экан, шундай деди:

– Ўз ишига шу қадар лоқайдлик билан ёндашган баъзи педагог-ўқитувчилар қандай қилиб профессор ва доцент унвонларига талабгорлик қилишмоқда? Уларни ҳам “Овоз бериш бюллетени”га киритилишига қаршиман.

Шу тариқа яна шундай педагог-ўқитувчилардан баъзиларининг номзоди профессор ва доцент унвонларига тақдим этилмайдиган бўлди.

– Бундай педагог-ўқитувчиларнинг маошларини 1 сентябрдан эътиборан ошириш-оширмаслик масаласи реал ҳал қилинади,– деди ЎзМУ ректори.– Август ойида профессор-ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш пайтида ҳам уларнинг мана шу камчиликлари албатта эътиборга олинади. Биз таълим сифатини янада ошириш, аввало муносиб профессор-ўқитувчилар қатламини тўғри шакллантириш ҳақида ўйлаяпмиз. Бугун бу давр талабига айланганини ҳар бир профессор-ўқитувчи теран англаб олмоғи зарур.

ЎзМУ Ректори галдаги муҳим вазифалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura