ОТМ ТАЛАБАЛАРИ УЧУН 2 ҲАФТАЛИК ТАЪТИЛ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

2020 йилнинг 16 март кунидан Ўзбекистон Республикасидаги барча олий таълим муассасалари (ОТМ) бакалавриат ва магистратура талабалари учун 2 ҳафталик таътил эълон қилинди.

Икки ҳафталик таътил талабалар ва профессор- ўқитувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш ҳамда ОТМларнинг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида эълон қилинган.

Мазкур қарор 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди.

Ушбу қарор УзМУга ҳам тегишли.

Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб УзМУ тасарруфидаги бинолар ва ҳудудларда карантин эълон қилинади ва тозалик-дезинфекция тадбирлари кучайтирилади, ёрдамчи хизматлар ва тиббиёт бўлими зарурий тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланади.

Таътилдан кейинги ўқув жараёни бошланиш санаси икки ҳафталик таътилнинг охирги кунларида алоҳида эълон қилинади. Бу хабар УзМУнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида берилади.

Талабаларга таътил давомида доимо соғлом турмуш тарзига ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, жамоат жойларида ниқоб тақиш, грипп ёки шамоллашга ўхшаш аломатларни сезсангиз, уйдан чиқмаслик ва дарҳол 103 рақамига қўнғироқ қилган ҳолда шифокор чақириш, қўл бериб сўрашмаслик, қўлларни тез-тез совунлаб ювиб туриш, имкон даражасида одамлар кўп тўпланган жойларга бормаслик тавсия этилади.

1003 қисқа рақами коронавирус бўйича барча саволларга жавоб беради. Ушбу қисқа рақам мунтазам равишда ишлайди ва мутахассислар мурожаатларга жавоб бериб боради.

Карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura