ТАЪЗИЯ


Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради...

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон вафот этди.

Анвар Обиджон мазмунли ва барокатли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Унинг ҳаётини бир қисми- ёшлиги Ўзбекистон Миллий университети билан боғлиқ. У Тошкент Давлат университетининг (ЎзМУ) журналистика факультетида таълим олди. Анвар Обиджон 1981 йили  Тошкентга келиб, ҳозирги “Янги аср авлоди”, “Чўлпон” нашриётларида, “Муштум”, “Ёш куч” журналларида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритди.

У болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қатор асарлар яратди.

Анвар Обиджон болаларнинг энг севимли шоирларидан бири эди. У даврий нашрларнинг саҳифаларини янги ижод намуналари билан пешма-пеш бойитиб борадиган ижодкорлардан эди. Шоирнинг шеърлари асосидаги видеороликлар ва дилбар қўшиқлар халқимизга ёд бўлиб кетган.


Анвар Обиджон “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

ЎзМУ  Анвар Обиджондек  талабаси бўлгани билан доим фахрланади.

ЎзМУ раҳбарияти ва жамоаси Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Анвар Обиджоннинг хотираси қалбимизда яшайди.

Охиратингиз обод бўлсин.

                                                                             ЎзМУ жамоаси.

Анвар Обиджон ижодидан намуналар.


ТИНЧ КУНЛАР

 

Бизлар қуравердик, бузаверди ёв

Қўрғону уйимиз, кўшку қасрни.

Шаънимизни депсиб эзаверди ёв,

Кўрмадик суронсиз бирон асрни.

 

Турон солномасин ўқир талаба,

Саҳифалар гувлар жангларга тўлиб.

Ҳар бир мағлубият, ҳар бир ғалаба

Из солмиш “Тарихий воқеа” бўлиб.

 

Фитнага бой эрур ҳар қайси замон,

Жим турсанг-да чўзар қаттоллар бўйин.

Тутмоқликдан кўра найзага қалқон,

Эл тинчин соғ асрай билмоқлик қийин.

 

Бир ўйга чорлагай китоб якуни:

Ичикамиз ёзга фақат қиш фасли.

Юртимнинг тинчгина ўтган ҳар куни

Мислсиз Тарихий Воқеа асли!

              

                 *         *         *

 

– Кимсан?

– Оллоҳнинг ердаги омонати.

– Қаерда туғилгансан?

– Дадам кўмилган жойда.

– Маълумотинг?

– Ўрта – навоийхон.

– Касбинг?

– Ўзбекчилик.

– Тақдирланганмисан?

– Эгам бешта ўғил берган.

– Жазоларинг борми?

– Шеърлар ёзганман.

– Энг таянган дўстинг?

– Тамаки.

– Энг қабиҳ душманинг?

– Касаллик.

– Соғлик ўзи нима?

– Интизомсизлик.

– Нимадан ҳузурланасан?

– Кўнгил овлашдан.

– Нимадан қўрқасан?

– Боламга иснод келтиришдан.

– Нима бемаза?

– Ватансизлик.

– Нима ширин?

– Қутулиш.

– Ҳаётнинг маъноси?

– Мажбурийлик.

– Ўлимнинг маъноси?

– Жой бўшатмоқ.

– Армонинг борми?

– Бургут эмас, қалдирғочман.

– Юпанчинг?

– Читтаклардан баландроқда

учдим-ку!

– Энг тўкис таржимаи ҳолинг?

– Келдим. Ёздим. Кетдим...

    *           *            *

 

✏️ Адиб билан эълон қилинган суҳбатлар асосида тайёрланди.(Манба АОКАдан олинди).

 

🔹

Ҳақиқий инсон, аввало, ўз юртининг камситилишига йўл қўймайди, юртдошларига қўриқчи бўлишга тиришади. "Келажак бугундан бошланади" деган гапга энг содда мисол шу: фарзандим бугун ўзбекча гапиряпти, демак Ўзбекистон мендан кейин ҳам тураверади.

 

🔹

Ҳозирги болаларда ярқ этиб кўзга ташланадиган яхши хислат — оғзидагини олдириб қўядиган, ландавур бўлмасликка интилиш. Ёмони эса… улар кўпинча тараққиёт сеҳргарликлари ортидан чопқиллашга берилиб кетиб, ҳақиқий мўъжиза — табиат ва ундаги жонзотларга бефарқ бўлиб қолишмаяптимикан?

 

🔹

Кулгили асарлар болалар адабиёти боғининг атиргулидир. Болалар кулгига жуда ўч халқ. Уларни ёмон ишлар, бўлмағур одатлар устидан кулдириш — тарбиянинг энг самарали усулларидан бири. Кичкинтойларга аталган китобларнинг жаҳонда кўпроқ ва тезроқ оммалашганлари айнан кулгили асарлардир. Умуман олганда эса, адабиётда жанр ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди, асосийси — асарнинг савиясидир.

 

🔹

У ёки бу халқнинг оғзаки ижоди нечоғли ранг-баранг, нечоғли теранлигига қараб, ўша халқнинг ўтмиш маданияти қанчалар юксак бўлганини билиб олиш мумкин. Ўзбеклар бу борада дунёдаги энг бой халқлардан бири экани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

 

Анвар  Обиджоннинг “Ёш куч” журналида чоп этилган кечинмаларидан парчалар.

 

 

 “Ажинаси бор йўллар”

"…Хаёлларга нуқта қўйишга интилардим – бу ёғини Худонинг ихтиёрига ҳавола қилиб, йўлингдан дангал бораверсанг-чи. Аммо бошга тушганнинг барини ҳам Худодан кўраверма, кўпига, барибир, ўзинг сабабчи бўласан.

 Қандайлиги менга тузуккина маълум бўлган манзилда мени номаълум бир қисмат кутмоқда эди. Ўшанда ўттиз беш ёшга тўлаётгандим. Тошкентга кетиб, яна шунча яшайманми, йўқми, билмасдим. Униб-ўсаманми, тугалай оёқости бўламанми, буниси ҳам қоронғи эди. Тангрисини ҳануз хира-ярим таниб юрган мен чаламусулмон банда фақат бир нарсани – шу дамгача қай тарзда кун кечириб келганимни билардим, холос. Болалик – пошшолик, ўсмирликдан бошлаб эса, нуқул бахтимни қидириб яшадим.

Баъзан бошимда ажиб бир ўй эловланиб, ғойибдан келаётган товушдек, мени саволга тутарди – Яратгучининг амри ила ҳаётни янгитдан бошлашни истармидинг?

У вақтда қандай жавоб қайтаришни билмасдим, энди эса, ҳеч иккиланмасдан айта оламан: нелардан яйраб, нелардан ўксиган, кимларга талпиниб, кимлардан безиган бўлмайин; худди ўша муҳитда, айнан ўша одамлар билан бирга бошқатдан яшашга розиман. Бегона муҳит – бировнинг уйи, у ерда бирон-бир нарса кўзга иссиқ кўринмоғи даргумон. Берсангиз, яна ўзимнинг кечмишимни беринг. Фақат, жоиз топсангиз, биттагина саволим бор – янги ҳаётга, озгина бўлса-да, энг зарур ўзгартишларни киритиш мумкинми?

Мумкин бўлса, биринчи галда, лоақал, дадамни имкон қадар камроқ ранжитган, аямга кўпроқ дам берган бўлардим; тили ҳали бурроланмасдан вафот этган Ҳомитжон укам, Зуҳрахон синглимни кўз қорачиғимдек асрардим, уларни ўша лаънати дардларга чалинтирмасдим; болалигимда бошини тошда чақиб ўлдирган гуноҳсиз чумчуқчани энди секингина ердан олиб, тутдаги инига авайлабгина жойлаб қўярдим. Кейин… агар-р, яна мумкин бўлса…

Яна нималар қилай? Нималарни қилмайин? Ўзингиз шипшита қолинг, яхшилар…"

 

 

                                             *          *         *

 

Олтинчи синфда ўқиётганимда "Ғунча" журналида шеърим босилди. Чилим тортишни санъат даражасига кўтарган Тошмат тоға бундан хабар топган бўлса керак, мактабдан қайтаётсам, мени чақириб қолди:

 

– Шоир бўпкетганингни эшитиб, бошим осмонга етди, болам. Қани, попкангдан қалам-дафтарни олиб, мени тўғримда тўқилган бир шеърни ёзвол. Буниям газет-пазетда босиб, пул ишлаволарсан.

 

  У айтиб турди, мен Туркистон ҳудудида туғилган ўзбек боласи борки, асрлар оша тилидан тушмай келаётган машҳур айтимни индамасдан дафтарга туширавердим:

 

Тошмат ака том бошида,

Ноғора-чўпи ёнбошида.

Битта қизи қўрвошида,

Битта қизи ўнбошида.

Териси йўқ ноғораси бор,

Илма-тешик тоғораси бор.

Етти қават белвоғида

Сичқон еган зоғораси бор.

Менга сотиб тоғорасини,

Сенга сотиб зоғорасини,

Теричидан тери олиб,

Қоплавосин ноғорасини...

 

Ариқдан сув олишга чиққан хотини Орзихон ая бу ҳолни кўриб: "Ёш болани гаранг қилишдан бошқа ишингиз йўқми?" – деб тергай бошлаган эди, Тошмат тоға уни жеркиб берди:

 

–  Ёш боланиям ҳар хили бор. Кичкина Ғопир Ғулом бу. Унга вақтида айтиб қўймасам, менга тўқилган шеърга бошқа бир Тошмамат эгалик қилволиши ҳеч гапмас.

 

  Мендан Ғафур Ғулом чиқмади, ёзган шеърларимнинг қайси бири қанча яшаши ҳам номаълум. Лекин раҳматли Тошмат тоға ўзига бағишлаб тўқилганлигига қатъий ишонган ўша тилқайрар айтим яна юз йиллаб ўзбек болаларининг оғзидан тушмай юравериши аниқ.

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura