МУҲТАРАМ ЖАМОА! АЗИЗ ТАЛАБАЛАР!


Бугун қадрдон университетимизнинг таваллуд куни. Альма-матер университетимиз забардаст ёшда! Зиё улашувчи бу даргоҳ бир асрдан ортиқ вақтдан буён инсониятга таълим тарбия ўчоғи бўлиб, илм-фан йўлида забардаст олиму-фузалоларни етиштириб келмоқда.

Миллий университетимизнинг дунё университетлари ичида ўз ўрни бор. У республикамиздаги ўнлаб таълим даргоҳларига пойдевор, асос бўлган илм даргоҳидир.

Мана бир асрдан ошиқ вақтдан буён минглаб ёшларни ўз бағрига олиб, уларни тарбиялаб келади. У том маънода инсониятга  комиллик бешиги бўлиб хизмат қилади. Илму-толиблар йўлини ҳамиша маёқ бўлиб ёритади.  Биз умримиз давомида ўзимизни ҳаётда ва илмда унга қараб созлаб борамиз. Ундан ҳамиша ўрганамиз, куч-қувват оламиз. У бизга онадек меҳрибон!

Ундан олган билимларимиз билан келажак авлодларни  тарбиялаймиз, илм-фан равнақи йўлида изланишлар олиб борамиз.

Бир асрдан буён авлодлар алмашинувида қадрият даражасига кўтарилган анъаналарни бугун ҳам давом эттирмоқдамиз. Илм йўлидаги карвонни бир бўлаги бўлиб, бу даргоҳдаги ёшлар ҳам бизни йўлимизни давом эттиришади.

Университет  ҳаётимизнинг асоси. Биз доим унга қараб бўйлашамиз.

Бу ерда мангу ёшлик, туганмас шижоат, куч-қувват, изланиш, янгилигу, кашфиётлар бор. У доим ёш авлод изланишию, интилиши, катта авлодларнинг вазминлиги, билими, тажрибасидан куч, ишонч  олиб, янгиланиб, яшариб бораверади. Бу унинг ҳаёт қонуниятдир.

У миллатимизнинг маърифат бешиги. Бу ерда миллатнинг илм маёғини ёққанлар, забардаст олимлар илм-фан, ҳаёт ҳақидаги ҳақиқатларни айтадилар. Коинот қатидаги юлдузлар ҳақидаги илмдан тортиб, қалбдаги кечинмаларгача, ақл чегараларида тафаккур қилиш бор бу ерда.

Илм ўчоғи бўлмиш жонажон Миллий университетимизнинг таваллуд айёми билан барчангизни муборакбод этаман.

Янги Ўзбекистоннинг ривожига илм-фан соҳасидаги янги чўққиларни забт этиш билан ўз ҳиссангизни қўшишда барчангизга куч-қувват тилайман. Байрам муборак бўлсин!

                                 Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Авазжон Мараҳимов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura