МИЛЛАТ ИСТИҚБОЛИГА ЗАВОЛ ЕТМАСИН


 Азал-азалдан илм даргоҳига таниш-билишчилик ёки пулининг кучи билан эмас, иқтидор, ақл-заковат, билим ва чинакам қизиқиш билан қадам ранжида қилинади. Айтиш жоизки, олий таълим даргоҳлари масжид каби муқаддас маскан. Муқаддас маконда эса халоллик, поклик ва тўғрилик доимо қадрланади. Бу ерда нопокликка асло ўрин йўқ. Бу хақда етарлича уламо-ю, фузалоларнинг таъбир-у, тафсиридан хабарингиз бўлса керак.

      Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан айниқса оҳирги уч йил мобайнида соғлиқни сақлаш, таълим, ва қурилиш соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Ислоҳотлар натижаси ўлароқ Республикамизда ёшларни олий таълим тизимига қамраб олиш қамрови кенгайди, хусусий олий таълим муассасалари очилди, абитуриентлар учун бештагача таълим йўналишини танлаш имконияти пайдо бўлди. Бу албатта қувонарли воқелик.

    Мамлакатимизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни мунтазам равишда тизимли равишда тартибга солиш, назорат қилиш ва тегишли чора-тадбир қўллаш вазифаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасига юклатилган.

     Шу маънода, бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган  йиғилиш ҳам шу вазифалар ижроси жумласидан.

    Вазирликнинг @edu.uz расмий телеграм каналида берилган ахборотга кўра, йиғилишдаОТМлар ректорлари ва филиаллар директорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлар, ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари, қабул бўйича масъул котиблар, магистратурага қабул бўйича масъул ходимлар иштирок этган. Унда асосан олий таълимга қабул жараёнини шаффоф, очиқ-ошкоралигини таъминлаш, “Корруциясиз соҳа” лойиҳасида кўзда тутилган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлил қилинганлиги айтилади.

    Юқоридаги хабардан англашиладики, эндиликда ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари ходимни ишга қабул қилишда унинг аввалги фаолияти, шахсий индивидуал-психологик хусусиятларини етарли даражада ўрганилмаганлиги ташкилотда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири эканлигини инобатга олиб, коррупция иллатига йўлиққан ёки йўлиқиш эҳтимоли бўлган ходимнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмасдан, йиллар давомида ассистент, катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келаётгани, унинг мақсади нима, илмий-педагогик фаолиятга лаёқати борми деган саволларга жавоб излаши шарт ва зарурдир. Албатта бу савол-жавоблар энди пайдо бўлаётгани йўқ. Бу ҳар бир раҳбарнинг кундалик  вазифаси бўлиши лозим. Зеро, ибодатнинг камчилиги ёки қусури “Имом”нинг зиммасида бўлгани каби.

    Кечагина Оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилган Республикамиздаги 8 та олийгоҳдаги коррупцион ҳолатлар тасвири дилимни ҳира қилди. Тўғри айбсиз парвардигор, “Шайтон” ҳар бир инсонни васваса қилиши ҳам бор гап. Лекин “Шайтон” хеч кимни шу ишга мажбурламайди-ку! Ўша коррупция иллатига йўлиққан, нафсига таслим бўлган ҳамкасбларимизни оқлаш учун ҳам қоралаш учун ҳам бир қанча объектив ва субъектив сабаблар топилади. Аммо гап бунда эмас. Гап ундан чиқариладиган хулосада.

   Ҳолатни ўзимча таҳлил қилар эканман ўзим фаолият юритадиган Ўзбекистон Миллий университетида ҳам коррупцион ҳолат юзага келиб қолмаслиги учун қандай ишларни бажариш лозим, кимга ишониш керак деган ўй тинчлик бермади. Шу дамда ўзимни бир лаҳза университет ректоридек ҳис қилдим ва ақл тарозим мувозанатини йўқотди.

   Бугун ҳеч бир раҳбарга осон тутиб бўлмайди. Уларнинг зиммасида жуда катта масъулият юки туради. Уларнинг ҳар бирининг қабулига ўғри ҳам тўғри ҳам “Мен хақман” деб кириб келади. Тўғри қарор қабул қилиш эса ундан ҳам мушкул вазифа.Зеро, раҳбарлик Оллохдан, амали инсондан деган гап бор-ку!.

      Менинг фикри ожизимча ниятни тўғри қилиб, халол ва пок юрсак, яратган ўзи ризқи-насибамизни ортиғи билан беради. Халол ризқ топиш учун кимнидир алдаш, фириб бериш, содда инсонларни қон-қақшатиш шарт эмас. Келажагимиз бўлмиш фарзандларимизга харом луқма едирмасак, албатта шу миллатни ва давлатни истиқболи порлоқ, борар манзили равон бўлгай!.

Равшан ОМОНОВ,

Журналистика факультети

декани ўринбосари, журналист

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura