Қурбон Ҳайити муносабати билан ректор табриги

                            

Муҳтарам жамоа, азиз талабалар!

Сизни ва  оила аъзоларингизни, устозларимизни, талабаларимизни, уларнинг ота-оналарини барча мусулмонларнинг энг улуғ байрамларидан бири ҳисобланмиш улуғ айём кун - Қурбон ҳайити билан чин юракдан табриклайман.

Биз мусулмонлар учун қадрли бўлган меҳр-оқибат, эзгулик, инсонийлик ва бағрикенглик, яхшиликни тарғиб қилувчи бу мукаррам кун ҳаммамизга қутлуғ бўлсин!

Ўтаётган йилимизнинг ойлари сабр-бардош, саҳоват ойлари бўлмоқда. Башарият бошидан ўтказаётган  синовли кунлар тезроқ поёнига етишини улуғ айём кунларда Яратгандан сўраймиз.

Бугунги синовли кунларда муҳтарам Президентимизга биз-илм аҳли елкадош бўлиб, халқимиз ичига илмимиз, меҳнатимиз билан кириб, ҳамюртларимиз билан жипс бўлиб, бугунги синовлардан тушкунликка тушмай, қийинчиликларни енгиб ўтамиз. Бу мураккаб вазиятдан эсон-омонликда чиқиш, халқимиз ҳаёти ва саломатлигини сақлаш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.  Бизнинг халқимиз бошидан катта-катта синовларни ўтказган. Бу пандемияни ҳам биргаликда енгиб ўтамиз.

Бугунги кундаги асосий вазифамиз ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлигини сақлашдир. Бу синовли кунларда ёши улуғларимиз, беморларимизни саломатлиги йўлида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиб, виртуал оламда самимий  муносабатларимизни билдириб, холларидан хабар олиш энг маъқул йўлдир.

Қадрли университетимиз жамоаси, талабалари ҳам халқимиз бошига келган синовли кунларда сабр билан, қатъий интизом ва карантин қоидаларига риоя қилиб, меҳнат фаолиятини олиб бораяпти. Мен фурсатдан фойдаланиб, шундай жамоа билан бирга ишлаётганимдан фахрланишимни билдираман.

Азиз ҳамкасабалар!

Барчангизга куч-қувват, хотиржамлик, оилангиз ва яқинларингизга сиҳат саломатлик тилайман. Улуғ айём кунларидаги қилган дуоларимиз ижобат бўлсин.  Университетимизда узоқ йиллар фаолият юритган,  бугун сафимизда йўқ, илм - фанга, маърифатга, жамият равнақига катта ҳисса қўшган устозларимизнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин. Беморларимизга Оллоҳ шифои комиллик берсин.

Қурбон Ҳайити барчангизга муборак бўлсин!

                               Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори,
профессор Авазжон Мараҳимов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura