“ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги ПФ–5308-сон Фармонининг 3-банди ҳамда Давлат дастурининг 168-бандида «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чора-тадбири белгиланган эди.

Ўзбекистон қонунчилигида шу вақтга қадар инновацион фаолият соҳасидаги муносабатлар, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги тушунчалар, иштирокчилар таркиби ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабати, апробация механизмларини самарали ташкил этиш, илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ этиш ва саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш заруриятини кун тартибига қўйди.

Ниҳоят, Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 июль куни “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

6 боб, 39 та моддадан иборат мазкур Қонунда қуйидагилар инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда:

·  инновацион ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини таъминлаш;

·  устувор йўналишларни белгилаш;

·  зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;

·  инновацион фаолият субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

·  республика, тармоқ ва ҳудудий давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

·  инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;

·  давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

·  кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

·  халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Инновацион фаолиятни моддий-техник, молиявий, ташкилий-услубий, ахборот, консультатив ва бошқа жиҳатдан таъминлайдиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва улар бирлашмаларининг мажмуи инновацион инфратузилма ҳисобланади. Унинг субъектлари қуйидагилардан иборат:

1.  Инновацион технологик парк (технопарк) – инновацион фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиладиган ягона моддий-техника мажмуаси бўлган ҳудудга эгалик қилувчи юридик шахс. Технопаркнинг асосий вазифаси – унинг резидентларини қўллаб-қувватлаш. Унинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилгачани ташкил этади, кейинчалик бу муддат узайтирилиши мумкин. Технопарк резидентининг мақоми танлов асосида 10 йил муддатгача берилади;

2.  Технологиялар трансфери маркази – технологиялар трансферини ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни таъминлаш мақсадида ташкил этилган юридик шахс;

3.  Инновацион кластер тегишли ҳудудда инновацияларни яратишда иштирок этувчи инновацион фаолият субъектларининг, инновацион фаолият натижалари истеъмолчиларининг йиғиндиси сифатида юридик шахс ташкил этмасдан тузилади. Уларнинг асосий мақсади самарали ҳамкорлик қилишдан, қувватлардан биргаликда фойдаланишдан ҳамда билимлар, кўникмалар алмашишдан, шунингдек технологиялар трансферига улушни таъминлаш орқали инновацион фаолиятни рағбатлантиришдан иборат бўлади;

4.  Венчур ташкилотлар, фондлар, ширкатлар – асосий фаолият тури хавфли инновацион лойиҳалар амалга оширилишини молиялаштиришдан иборат бўлган, ҳам юридик шахс шаклида ташкил этиладиган, ҳам юридик шахс сифатида ташкил этилмайдиган ихтисослаштирилган молия институтлари.

5.  Инновация маркази инновацион фаолият соҳасида янги ғояларни яратишдан янги ишланмаларни тижоратлаштиришгача бўлган тўлиқ ишлар туркумини амалга ошириш мақсадида юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга жорий этилиши инновацион фаолият соҳаларини ва унинг барча иштирокчиларини самарали ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослари ва қонуний ваколатларини таъминлайди, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, инновацион фаолият субъектларини кенг кўламда ташкил этиш имконини беради.

                                                                           ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўлими

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura