Муҳтарам устозлар! Азиз ҳамкасблар!

     Сизларни ва таълим соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклайман.
      Сир эмаски, бугунги пандемия шароитида Сиз билан асосан втртуал юз кўришиб туришимиз ҳам бу кутилмаган бало-катта синовнинг нечоғлик инсон ҳаётига солаётган хавфни жиддийлигини кўрсатиб турибди. Мен фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни  қутлуғ сана билан табриклаб, бугун сафимизда йўқ, бизни жисман тарк этган устозларимиз хотирасини ёд этаман. Уларнинг заҳматли меҳнатлари, дунё ва ўзбек илм-фанига қўшган ҳиссалари асрлар оша номларини абадийлаштириб туради. Ҳаёти давомида бу машаққатли ва шарафли касб юкини елкасида кўтарган УСТОЗларимизга таъзим қиламиз.

    Ҳаёт шакли-шамойили пандемия сабаб бутунлай ўзгарди. Яшашимиз, турмуш тарзимиз, ҳаётга бўлган қарашимизу  таълим беришимизгача. Таъбир жоиз бўлса, айта оламанки, бу пандемияда энг катта синов инсониятнинг эртасини белгиловчи таълимга катта юк ташлади. Қисқа муддатлар ичида таълим янги форматга ўтишини вазият тақозо этди. Мана шу жараёнда  профессор-ўқитувчилар бутун кучларини жараёнга жалб этишди. Онлайн режимда Ўзбекистон ёшлари узлуксиз ўқув жараёнини давом эттирмоқда. Миллат фарзандларининг  тақдири ва келажаги учун бефарқ бўлмаган  Сиздек камтар ва фидоий устозлардан миннатдормиз.

     Улуғ устозимиз Абдулла Авлонийтаъкидлаганларидек, бугун тарбия ҳаёт-мамот масаласига айланиб турган ва фарзандларимиз , таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ҳам реал ва ҳам вертуал оламда яшаётган бир пайтда уларни тарбиялаш ва таълим бериш масаласида Сиз-устозларнинг меҳнатларингиз беқиёс.

      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев:-“ Чиндан ҳам, дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади.

     Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтардик,”-дея бежиз таъкидламаганлар.

    Ана шундай чора-тадбирлар натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси уч йил бурунги 9 фоиздан 20 фоизга ошди. Биз яқин келажакда бу кўрсаткични  50 ва ундан ортиқ фоизбўлиши прогноз қилинмоқда.

      Яратилаётган имкониятлар туфайли Ўзбекистон ёшлари турли соҳаларда ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этмоқда.

  Шу яқин кунлардаги  талабаларимизнинг ютуқлари, уларнинг нуфузли олимпиадаларда  ғолиб бўлишлари, номдор стипендияларни қўлга киритишлари замирида ҳам Сизларнинг меҳнатларингиз ётибди. Кейинги уч йилда университетимизда 6 та хорижий ОТМлар билан қўшма дастурлар асрсида ўқитиш ва 4 та янги факультет ташкил этилди. Илмий лабораториялар, институтларнинг фаолияти ҳам университет олимлариниг салоҳиятидан дарак беради. 30 ортиқ академикларимизнинг яратган мактаблари нафақат Ўзбекистон, балки дунё илм-фани ривожига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

    Ҳа, бугун университетимизда ёшларимизнинг билим эгаллашлари учун барча шароитлар етарли. Биз бу жараённи яна ҳам такомиллаштириб борамиз. бундан мақсад эса-ёшларимизни юксак меъзонлар асосида таълим -тарбия, уларни рақобатбардош, ўз мустақил фикри ва позициясига эга кадрлар қилиб тарбиялашдан иборат.

      Шу маънода, бугунги кун педагогининг, айниқса пандемия шароитида ўзи ҳам  янги форматдауниверсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши ва изланишини давр тақазо этмоқда.

        Профессионал таълим соҳасида бугун  халқаро стандартларга тўла мос келадиган бутунлай янги тизимга ўтишимиз керак.

       Бугун таълим-тарбия соҳасида, фарзандларимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Бу даврни янада чуқур маъно-мазмун билан тўлдириб, миллий юксалишга эришиш фақат ва фақат ўзимизга, шу йўлда ҳамжиҳатлик билан қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ. Бу йўлда Сиз-ҳамкасабаларимга куч-қувват тилайман.

      Сизларни яна бир бор байрам билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман.                               

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети ректори,

профессор Авазжон Мараҳимов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura