Илм-фан йўлидаги халқаро ҳамкорлик.

Бугунги кунда республикамизда олийт аълим муассасаларининг хорижий таълим муассасалари билан илмий-тадқиқот ишларини биргаликда ташкил этиш, ҳамкорликни кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, олий таълим мазмун-моҳиятини такомиллаштириш ва соҳага иқтидорли ёшларни жалб этишга катта эътибор берилмоқда. Чунки, илм-фан ҳар бир мамлакат тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардандир. Мамлакат иқтисодий ривожланиши, унинг молиявий аҳволи яхшиланиши учун аввало таълимга эътибор қаратиши, ана шу соҳага инвестиция киритиши лозим. Чунки, инсоннинг бошқа мавжудотлардан фарқ қилувчи энг асосий жиҳати унинг онги. Aна шу унинг бойлиги. Бу борада мамлакат илм-фани юқори натижаларга эришиши учун бошқа мамлакатларнинг бу борада босиб ўтган йўлини ўрганиши, уларнинг зиёли қатлами билан фикр алмашиши жуда зарур. Бу борада математика ва информатиканинг ўрни алоҳида. Чунки, математика барча фанлар негизини ташкил этади, информатика эса ҳозирги асримиз учун энг муҳим ва келажаги порлоқ бўлган фанлардандир.

Шу боисдан, куни кеча Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ҳолон Университети билан ҳамкорлигида «Математика ва информатиканинг чегараси»-(«Frontier in mathematics and computer science»)  мавзусидаги тўртинчи бора ташкил етилаётган Ўзбекистон – Исроил анжуманига старт берилди. Конференция очилишида Олий таълим вазирлигидан Баҳром Исмоилов, Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Махмудова, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зехавет бин-Ҳеллел, Ўзбекистон Миллий университети  ректори Aвазжон Мараҳимов ҳамда Холон Технология Инситути ректори Эдуард Якубовлар нутқ сўзлашди. Улар ушбу анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган илмий ҳамкорлик ҳар икки мамлакат олимлари ва ёш тадқиқотчилари учун илмий янгиликларни алмашиш ва баҳсга киришиш имконияти эканлигини таъкидлашди. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Эдуард Якубов Ўзбекистонда туғилган, 1968-1973 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Математика факультетида ўқиган, 1979-йилда эса ушбу факультетда PhD даражасини олган. Кўп йиллар Ўзбекистонда фаолият юритган. 1990-йилларда  Исроилга қайтган. У икки давлатнинг   илм йўлидаги алоқаларига кўприк бўлиб келмоқда.  У ўз нутқида пандемия даврида ҳам илм-фан борасида Ўзбекистон билан ўзаро алоқaлар узилмаганлигини, кўплаб университетлар конференцияларни бекор қилиб турган бир даврда, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўхтаб қолмаганини алоҳида қайд этиб ўтди. “ Бу билан эса биз дўстим ва ҳамкасбим ЎзМУ ректори Aвазжон Мараҳимов билан кучли руҳиятимизни намоён этдик “,- дея таъкидлади. Бунга жавобан эса, ЎзМУ ректори Авазжон Марахимов илм- фан вакилларини бир умумий мақсад остида бирлаштиришини ва илм-фан олимлар ўзаро учрашганда ва баҳсга киришганда янада тараққий этишини айтиб ўтди.

Конференцияда ёш тадқиқотчилар билан биргаликда етук мутахассислар, Математика Инситутидан Шавкат Aюпов, ЎзМУдан Шавкат Aлимов, Мирсаид Орипов, Ҳолон Технология Инситутидан Давид Шоикҳет, АҚШнинг Калифорния университети профессори халқаро Филдс мукофоти совриндори (бу мукофот халқаро нуфузи жиҳатдан Нобел билан тенглаштирилган) Йефим Зелманов ва Петровский номидаги мукофот соҳиби Александр Скубачевский ҳам ўз маъруза-тезислари билан қатнашдилар. Aнжуман теориялар назарияси, алгебра ва оператор назарияси, дифференциал тенгламалар ва математика, физика, дифференсиал геометрия ва топология, амалий математика, интеллектуал технологиялар ва маълумотлар илми йўналишларида ўз ишини олиб боради.

Конференцияда 20дан ортиқ мамлакат (Хитой, Буюк Британия, Россия, Исроил…)дан иштирокчилар қатнашадилар. Конференциянинг асосий мақсади- математика ва информатиканинг амалий ва назарий жиҳатларини бирлаштириш, уларни бошқа тармоқларга тадқиқ этиш ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Мамлакатимиз аҳолисининг 60%дан ортиғини ёшлар ташкил этади. Юртимизнинг кейинги тараққиёти эса айнан уларнинг қўлида. Бу тараққиётга фақатгина илм-фан билан эришиб бўлади. Бундай анжуманлар эса, мамлакатимизда фаннинг устувор йўналишлари бўйича илмий-техник дастурларни амалга ошириш, илм-фан йўналишида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, ёш олимларни соҳага жалб қилиш ҳамда, уларни соҳанинг етук мутахассислари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида  алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу эса, уларнинг келгусидаги илмий фаолиятларига катта туртки сифатида хизмат қилади. Ушбу турдаги анжуманлардан кўзланган натижаларнинг олиниши, фақатгина Беруний, Хоразмий, Форобийлар авлоди бўлиб қолиш эмас, балким уларнинг ўзи бўла оладиган олимларни етишиб чиқишига сабаб бўлса ажаб эмас.

 Онлайн конференция ўз ишини ялпи ва параллел сессияларда олиб борди.





                                                                                            ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura