ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

2020 йил 20 октябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбек тили байрами муносабати билан шунингдек, профессор Ёрмат Тожиев таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб  “Филологик таълимни такомиллаштириш муаммолари” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманни ЎзМУ проректори Раима Ширинова кириш сўзи билан очиб берди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг тарихий аҳамияти, бугунги кунда президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан тилимиз нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг салмоғи юқори эканига тўхталиб ўтди ҳамда ўз илмий фаолияти билан Ўзбек тили ривожига улкан ҳисса қўшган олимимиз профессор Ёрмат Тожиевнинг тавваллудининг 80 йиллиги бу қутлуғ санага тўғри келиши бежиз эмаслигини таъкидлади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов эса ўз сўзида Ўзбек тилини ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар ва уларнинг ижроси, ҳазрат Навоийнинг тилимиз юксалиши учун амалга оширган буюк ишлари, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов каби буюк ижодкорларнинг она тили ҳақидаги қарашлари хусусида гапириб ўтди.

ЎзМУ кафедра мудири, профессор Ҳамидулла Болтабоев анжуман моҳияти хусусида батафсил тўхталиб тушунтиришлар бериб берар экан бу анжуман Республика доираси билан чекланмай, хорижлик нуфузли олимлар ҳам онлайн тарзда иштирок этаётганини айтиб ўтди. Жумладан, Турк Дил Қуруми (Тил академияси) раиси Гурур Гулсевин,  АҚШ Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли, Анқара университети профессори Ойнур Ўз Ўзжонлар масофадан туриб ўзбек халқини миллийлигимизнинг биринчи белгиси бўлмиш Ўзбек тили байрами билан қутладилар ва Ўзбек тили туркий тиллар контекстида, Ўзбекистон Миллий университети ва Анқара университетининг ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш борасидаги ҳамкорликлари каби масалаларда чиқиш қилдилар. Бундан ташқари анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири маслаҳатчиси О.Жамолдинова, Фарғона вилояти Эркин Воҳидов номли ижтимоий фанларни ўқитишга йўналтирилган мактаб-интернат директори Н. Маннопова, ЎзМУ профессорлари Р.Сайфуллаева, Н.Раҳмонов, Қ.Йўлдошев, М.Қурбоновалар сўзга чиқиб Ўзбек тили байрами ҳамда юзлаб шогирдлар етиштирган устоз Ёрмат Тожиев шаънига муносиб сўзлар айтдилар. Профессор Ёрмат Тожиевга совғалар топширилди. Кириш қисмидан сўнг анжуман шўъбаларга ажралган ҳолда давом эттирилди. Маърузалар тингланди. Ўзбек тилига доир илмий муаммолар, тил ўқитиш билан боғлиқ методик тавсиялар ўртага ташланди. Тадбирда олимлар, тадқиқотчилар, магистр ва бакалавр талабалари иштирок этдилар. Анжуманни Ўзбек филологияси талабалари масофадан туриб онлайн кузатиб турдилар.

Дилдора АЗИМОВА,

ЎзМУ катта ўқитувчиси

 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura