ЎзМУДА “ЁЗГИ МАКТАБ”


Қуёшнинг қайноқ тафти юртимизни қиздириб турган бир дамда университетимизда ҳам таълим сифатини ошириш, бўлажак олийгоҳ талабаларининг билим доирасини кенгайтириш ишлари қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент вилояти Бўка туманини ижтимоий ривожлантириш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мутасаддилари томонидан Бўка тумани мактаб ўқувчилари учун “Ёзги мактаб” ташкил этилди. Туманида жойлашган 49 та умумтаълим мактабидан саралаб олинган 45 нафар иқтидорли ўқувчилар университет “Ёзги мактаб”ига ташриф буюришди.

Ўқувчиларнинг математика, информатика фанлари бўйича билимини ошириш, фанга бўлган қизиқишларини орттириш, умумий саводхонликни янада ривожлантириш мақсадида университет профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза машғулотлари ўтилмоқда.

Бўка туманидаги 14-умумтаълим мактабининг 10-синф битирувчиси Абдуғаниев Азизбек:

- Мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган “Ёзги мактаб”нинг биринчи куниданоқ тассуротларим катта. Математека ва информатика фанларидан дарс ўтадиган профессор-ўқитувчилар билан танишиб, уларнинг маърузаларида бўлдик. Университет дастури доирасида ўтилаётган машғулотлар мактаб дастуридан тубдан фарқ қилар экан. Шунга қарамасдан, биз берилган билимларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Сабаби, профессор-ўқитувчилар дарсни қизиқарли ва тушунарли қилиб ўтишмоқда.

Ҳозиргина университет кутубхонасида бўлдик. Кутубхонананинг катталиги, китобларнинг мўллиги ва ҳатто, уларни жойлашуви ҳам бизда завқ уйғотди.

Университет олимларини кўриб ҳавас қилдим. Улардан Толибжон ...ев ўтган маъруза машғулоти менда ўзгача қизиқиш уйғотди. Олдимга қўйган мақсад сари янада шиддат билан интилиб, келажакда мен ҳам математика соҳасида олим бўламан.

48-умумтаълим мактаби ўқувчиси Салмонбоева Одина:

- Информатика йўналишида ўтказилган танловда 3-ўринни олиб ва Ўзбекистон Миллий университети “Ёзги мактаби”га келишга мушарраф бўлдим. Математика мураккаб фан бўлишига қарамасдан бу ерда аввал эга бўлган тушунчаларимни янада кенгайтиришга имкон берилди. Бизга матетатика фани ўқитувчимиз Баҳодир Тешабоев анча йиллардан бери дарс ўтиб келади. Ҳатто, дадамларга дарс ўтган экан. Тушунмаган саволлармизга бажонидил, кези келганда алорҳида-алоҳида жавоб бериб келади. Уларнинг берган билимларини университетдаги машғулотларда мустаҳкамлаймиз. Ташрифимиз тенгдошларимни дунёқарашини, фикрлашини ўзгартирди, деб ўйлайман. Келаётганимда ҳаммадан “кучлиман” деган фахр ичимдан ўтди. Бироқ машғулотларда қатнашиб, камчиликларим борлиги кўзга ташланди. Ва ўз устимда ишлаш давомида уларни тўлдираман. Келажакда математика-информатика фани бўйича ўқитувчи бўламан.

Бўка тумани ёшлариларини жамлаган ушбу ёзги мактаб дастурида 7-8 синф ўқувчилари ҳам иштирок этишяпти. 47-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Шокиров Рўзивой бу борада нима дейди:

- Ўқитувчиларимнинг берган билимлари боис мана шу ерда турибман. Информатика фанидан Азамат Тиллаев ўтган дарс ажойиб бўлди. Университет ва унинг математика факультети ўйлаганимданда ўзгача экан. Бу соҳадаги билимларимни чуқурлаштириб, информатика йўналишида етук мутахассис бўлмоқчиман.

 Мазкур “Ёзги мактаб” дастури доирасида ўқувчиларнинг маънавий ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам барча шароитлар яратилди. Университетнинг Геология музейи, “Глобус” ўқув-методика лабораторияси фаолияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган. 

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
19011 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura