ЎзМУда Эркин Воҳидов стипендияси жорий этилади


Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган онлайн ижодий мулоқот бўлиб ўтди.

Бу кунгача ҳар ҳафта университетнинг Ёшлар билан ишлаш тизими ташаббуси билан Адиблар ҳиёбонида ижодий учрашувлар ташкил этилиб келинаётган эди. Ижодий учрашувлар карантин сабаб форматини ўзгартирди. Онлайн тарзида ўтказилган  бу мулоқотнинг кўлами кутилганиданда кенг бўлди. Тадбирда Туркия давлатининг олимлари иштирок этиб, маърузалар қилишди.

Давра суҳбатида Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат ўқувчилари ҳам иштирок этишди. Ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб беришди.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Авазжон Мараҳимов, Анқарадаги Ҳожи байрам университети профессори Вали Савашбей Йилок, шоир, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар- Ҳамидулла Болтабоев, Насимхон Раҳмонов,  Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги мактаб интернат директори Нигора Маннопова ва ёш ижодкорлар шоир ижодининг ўзига хос хусусиятлари  ҳақида фикр-мулоҳаза билдиришди.

Мулоқот жараёнида ЎзМУ ректори , профессор Авазжон Мараҳимов шоирнинг ижоди ёшу-қари, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар бирдек маънавиятимизни бойитиб, тафаккуримизни кенгайтириши ва фалсафий мушоҳадаю, кўнгилларга завқ бағишлаб, комил инсон тимсолини кўз ўнгимизда гавдалантиришини таъкидлади. Авазжон Мараҳимов:

-“Эркин Воҳидов ўзбек маданиятининг намунаси қандай бўлиши кераклигини амалда кўрсатиб берган шахс,”- дея таъкидлаш баробарида ўзи ҳам шоир шеърларининг мухлиси эканлигини билдириб, шоир шъерларидан намуналар ўқиди.

Шу билан бирга Авазжон Мараҳимов ЎзМУда яқин кунларда Эркин Воҳидов номли илмий-маърифий марказ иш бошлашини билдирди. Бу муҳташам, чиройли масканга мукаммал мазмун кераклиги, унга мазмун киритиш ва моҳиятини очиб бериш эса ёш ижод аҳлини эътимодида эканлигини қайд этди.

Ректор суҳбат давомида яна Эркин Воҳидов ижодини хорижда илмий жиҳатдан ўрганиш учун ЎзМУ грантлар эълон қилишини, шоир ижодини илмий тадқиқ қилиш истагида бўлган Туркиялик ёш олимларга ЎзМУда барча шароитлар яратилишини, Эркин Воҳидов ижодини бошқа тилларга таржимаси, унинг анъаналарини давом эттириб ижод қилаётган ёш ижодкорларни тўпламларини чоп этиш учун махсус фонд очилишини, Туркия ва бошқа давлат ОТМ лари билан шоир ижодини ўрганиш борасида халқаро конференциялар ўтказиш таклифи ва ташаббусини билдирди.

Шунингдек, Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернатида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг миллий университетда таҳсил олишлари учун имтиёзлар қилиниши, улар учун университет томонидан махсус стипендиялар жорий этиш тўғрисида аниқ маълумотлар бериб ўтилди.

Тадбир сўнггида Эркин Воҳидов ижодига бағишланган  онлайн мулоқот ҳар ҳафта ўтказилиб бориши ва унда барча қатнашиши мумкинлиги билдирилди.

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura