Сизларни янгиланиш ва янги ҳаёт тимсоли – Наврўз айёми билан чин юракдан табриклайман. Барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.
Шарқона янги йилнинг бошланиши билан она диёримизга янги шукуҳ, файзу барака кириб келади. Шунинг учун ҳам Наврўзни орзиқиб кутамиз. Бу табаррук байрамда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.
Наврўзи олам азалдан инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, диёнат, адолат ва инсонийлик фазилатларини тарғиб этиш, Ватанимиз таянчи – ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этган.
Ўзбекистон Миллий университетида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида ўтказилган байрам сайллари, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган турли тадбирлар, спорт мусобақалари ва танловлар университет жамоаси ва талаба-ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда.
Эл-юрт хизматида садоқат, фидойилик ва ҳалоллик билан меҳнат қилаётган Сиз азиз устозларимиз, илмдек шарафли йўлдан дадил одимлаётган навқирон фарзандларимизни яна бир карра байрам билан табриклаб, каттадан-катта муваффақият ва зафарлар, куч-қувват тилайман! Илм-фан йўлидаги изланишларингиз манфаатли ва самарали бўлсин!
Баҳор фаслининг гўзаллик, яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин.
Ином Маджидов,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети ректори