Ассалому алайкум!
Қадрли ҳамкасблар, ҳурматли профессор-ўқитувчилар!
Азиз талаба-ёшлар!
Аввало Сиз азизларни адолат ва тараққиёт қомуси – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан чин дилдан табриклайман.
Тарихдан аён, ҳар қандай давлат ё жамият борки, ўз қадриятлари тимсоли – миллий рамзлари орқали дунёга танилади. Бошқа халқлар, бошқа мамлакатлар орасида ўзининг мустақил ва ҳурлиги, кучли ва қудратли эканини туғию тамғаси, шунингдек, бош қонуни – Конституцияси билан ифода этади.
Конституциямиз, шунингдек, миллий рамзларимиз, хусусан, мадҳия, байроқ, герб – бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкурадир. Шундай мафкураки, мамлакатимизнинг шонли ўтмишидан дарак бериб туради, йиллар давомида турли синовларда тобланиб келган миллатимизнинг метин иродасини, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг асрий орзу-интилишларини акс эттиради. Она заминимизда қадим-қадимдан мавжуд бўлган халқларнинг тарихан бир-бири билан боғлиқ эканини, бир илдиздан пайдо бўлганини англатади.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг жадал тус олишини таъминлашда ишончли кафолат бўлиб келмоқда.
Бош қомусимиз барча соҳаларнинг, хусусан, таълим, илм-фан соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил амалга ошишида ҳам муҳим ўрин тутади. Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқий нормалар ва принсиплар, айниқса, таълим тизимидаги ислоҳотлар учун кенг йўл очади.
Том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатидир.
Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барча юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларига файз-у барака тилайман.
Халқимиз тинч, юртимиз омон бўлсин!
Ином Маджидов,
Ўзбекистон Миллий университети ректори