Муҳтарама опа-сингиллар! Қадрли олима аёллар! Азиз талаба қизлар!
Сиз азизларни 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бу шукуҳли айём юртимизга яшариш ва янгиланиш фаслини бошлаб келади. Шу сабабли ҳам уни катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Бу байрам сиз, азизларга бўлган қалбимиздаги самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни яна бир бор ифода этишга имкон беради.
Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, Аёл ҳилқатининг ўрни беқиёс. Сизлар биз учун аввало муқаддас она, мўътабар замин, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаисиз. Сизларнинг таълимдек шарафли соҳада олиб бораётган фаолиятингиз сабаб минглаб фарзандларимиз камолга етмоқда, маърифат, зиёдан баҳраманд бўлмоқда.
Шу ўринда, муҳтарам Президентимизнинг бир фикрларига тўхталиб ўтмоқчиман. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи мамлакатда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Дарҳақиқат, жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаол иштирок этишига кенг имконият яратилди. Бугунги кунда аёллар юртимизда бўлаётган демократик ўзгаришларда фаол кучлардан бири сифатида намоён бўлмоқдалар.
Отахон университетимиз мисолида оладиган бўлсак, таълим муассасамизнинг барча соҳа ва тармоқларида аёлларимизнинг салмоғи, ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, бугунги кунда университетимизда асосий штатда жами 1220 нафар хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Шулардан, 661 нафар профессор-ўқитувчи илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланмоқда. 559 нафар аёл ходимлар турли лавозимларда меҳнат қилмоқда, университетимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда.
Шунингдек, университетимиз салоҳияти, халқаро майдондаги нуфузининг ошиб боришида ҳам олима аёлларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз, ходималаримизнинг заҳмати, ҳиссаси беқиёс. Фурсатдан фойдаланиб, таълим тизимида меҳнат қилаётган Сиздек мардона хотин-қизларимизга чуқур эҳтиром билан миннатдорчилик билдираман.
Ҳар қандай жамият ва давлатнинг халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Университетимизда ҳам ушбу йўналишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, магистратурага жами 347 нафар талаба қизлар имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинди. Базавий тўлов-контракт асосида университетга қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож, боқувчисиз талаба қизларнинг 97 нафарига 2023/2024 ўқув йили учун шартнома пули тўлаб берилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган тавсиянома асосида 157 нафар талаба-қизлар давлат гранти билан талабаликка тавсия этилди. Камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизлар тавсияномасига эга абитуриентларнинг 21 нафари қўшимча тўлов-контракти асосида талабаликка қабул қилинди.
Ўзининг хайру саховати, файзу таровати билан хонадонларимизга барака ёғдирган, ҳаётимизга маъно ва мазмун бахш этган Сиз – мунис ва мўътабар опа-сингилларимизни эъзозлаш, эътироф этиш бизнинг шарафли вазифамиздир.
Яна бир карра Сизларни, барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, талаба қизларимизни файзли ва тароватли байрам билан чин юракдан табриклайман!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Ином Маджидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор