Ассалому алайкум! Қадрли ҳамкасблар, ҳурматли профессор-ўқитувчилар! Азиз талабаларимиз!
Аввало Сиз азизларни адолат ва тараққиёт қомуси – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан чин дилдан табриклайман.
Тарихдан аён, ҳар қандай давлат ё жамият борки, ўз қадриятлари тимсоли – миллий рамзлари орқали дунёга танилади. Бошқа халқлар, бошқа мамлакатлар орасида ўзининг мустақил ва ҳурлиги, кучли ва қудратли эканини туғию тамғаси, шунингдек, бош қонуни – Конституцияси билан ифода этади.
Бош қомусимиз – Конститутсиямиз, шунингдек, миллий рамзларимиз, хусусан, мадҳия, байроқ, герб – бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкурадир. Шундай мафкураки, мамлакатимизнинг шонли ўтмишидан дарак бериб туради, йиллар давомида турли синовларда тобланиб келган миллатимизнинг метин иродасини, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг асрий орзу-интилишларини акс эттиради. Она заминимизда қадим-қадимдан мавжуд бўлган халқларнинг тарихан бир-бири билан боғлиқ эканини, бир илдиздан пайдо бўлганини англатади.
Барчангизга маълум, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ишлари қарийб бир йил давом этган бўлса, юртдошларимиз бу сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмади, ўз фаоллиги, позициясини намоён этди. Таклифлар эса шунчаки қабул қилинмади, балки аксарияти инобатга олиниб, қонун лойиҳасига киритилди.
Халқчил давлат тамойили асосида яратилган имкониятдан университетимиз жамоаси, забардарст олимларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз ҳам фаол фойдаланди, лойиҳа бўйича ўз муносабати, фикр ва таклифларини билдирди.
Олий таълим соҳасига келадиган бўлсак, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаёган ҳеч бир ислоҳот соҳа фидойиларини бефарқ қолдирмади. Шунинг учун янги Конституциядаги таълим, илм-фан йўналиши, меҳнат муносабатларига доир киритилган ўзгаришлардан, айниқса, қувондик. Улар жамоатчилик учун ҳам кутилган янгиликлардан бўлди.
Зотан, дунёнинг етакчи давлатлари ҳам мамлакатнинг келгуси равнақига таълимни ривожлантириш орқалигина эришиш мумкинлигини инкор этмаяпти.
Бир сўз билан, Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барча юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларига файз-у барака тилайман.
Халқимиз тинч, юртимиз омон бўлсин!
Ином Маджидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори