Ushbu veb-sayt hozirda test rejimida ishlamoqda. Ba'zi funksiyalar mavjud bo‘lmasligi yoki kutilganidek ishlamasligi mumkin.

Ўзбекистон Миллий университети ректорининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги

Муҳтарам устозлар! Ҳурматли профессор-ўқитувчилар! Қадрли ҳамкасблар!

Аввало, ўз умрини машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган сиздек фидойиларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Сиз заҳмат чекаётган олий таълимдек машаққатли соҳада эришилган ютуқлар ва натижалар сабаб Ўзбекистон Миллий университетининг республика ва халқаро даражадаги ўрни мустаҳкамланиб, нуфузи юксалиб бормоқда. Бунинг учун барчангизга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Бугун таълим соҳасида рақобат кучаймоқда, янги трансформациялар урфга кирмоқда. Шундай шиддатли даврда профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳам классик анъаналарга таяниб, ҳам янги технологиялардан унумли фойдаланиб таълим жараёнини ташкил этиши, устоз-шогирд анъаналарининг мустаҳкамланиб бораётганлиги, янги ўқув-илмий адабиётларнинг яратилиши, ЎзМУ олимлари, педагогларининг халқаро университетлар, халқаро минбарларда туриб маъруза ўқиётгани, турли йўналишларда қилинаётган кашфиятлар, илмий янгиликлар, инновациялар, ўйлайманки, Миллий университетнинг минтақамиз, қолаверса, жаҳон илм-фан тамаддунида ҳам ўз ўринига эга эканлигини исботлаб келмоқда.

Ўтган ўқув йили Ўзбекистон Миллий университети учун муваффақиятли бўлди. Отахон университет дунё миқёсидаги кучли 1000 талик олий таълим муассасалари қаторидан жой олди. Бир асрдан ортиқ фаолияти мобайнида минглаб салоҳиятли кадрлар, илм-фаннинг илғор вакилларини тарбиялаган, илм-фан мактабларини яратган Ўзбекистон Миллий университетининг тез орада дунёнинг топ-500 университетлар қаторидан жой олишига ҳам ишонамиз ва бу борада жамоамизга улкан муваффақият ва зафарлар тилаймиз.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда университетимизда жами 1200 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар асосий штатда фаолият олиб боради, шундан, 12 нафар академик, 206 нафар фан доктори, профессорлар, 461 нафар фан номзоди, доцентлар илмий ва педагогик жараёнларни ташкил этишга ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, университетда “Хирш” индекси 5 ва ундан юқори бўлган 52 нафар профессор-ўқитувчиларимиз бор.

Профессор-ўқитувчилар, илмий фаолият билан шуғулланаётган фидойи ходимлар учун муносиб шароит яратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишларимиз, янада самарали давом этиб бораверади.

Янги давр – янги Ўзбекистон биздан билимли, шижоатли, юксак салоҳиятли, кенг дунёқарашли ватанпарвар ёшларни, профессионал кадрларни тарбиялашни талаб этади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, таълим ва тарбия – бутун жамиятнинг муқаддас ишидир! Барчамиздан доимо ҳамжиҳатлик, фаоллик ва фидойиликни талаб этадиган ҳаёт-мамот масаласидир.

Барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган самарали фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин!

Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!